Ҳудудларда аҳолига электрон хизматлар кўрсатиш сифати оширилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–286-сон, 16.09.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Рақамли ҳукумат” дастури доирасида 41 та устувор лойиҳани ишга тушириш, электрон давлат хизматлари улушини 70 фоизга етказиш тизимни 2025–2026 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
2025 йил 1 ноябрдан мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали ЯИДХП (Ягона портал)даги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади.
2025 йил 1 декабрдан нодавлат нотижорат ташкилотларига “Рақамли ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали белгиланган тартибда электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади.
2026 йил 1 январдан фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати, маҳаллалардаги оилалар ва аҳоли маълумотларини юритиш ҳамда маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнлари “Рақамли маҳалла” платформаси орқали амалга оширилади.
Талабалар ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича my.gov.uz орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади
Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан ногиронликни белгилаш бўйича давлат хизматини кўрсатишда фуқароларга тиббиёт муассасаларига имтиёзли даволаниш учун бериладиган йўлланмани шакллантириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади.
Шунингдек, 2026 йил якунигача тиббий кўрик жараёнида шифокор нутқини автоматик баёнлаштирувчи овозли ёрдамчи ҳамда беморларга ташхис қўйишда кўмаклашувчи сунъий интеллектга асосланган “Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси” дастури ишга туширилади.
2025 йил 1 ноябрдан давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона портал орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади.
2026 йил 1 январдан ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида таълим жараёни билан боғлиқ давлат хизматлари Ягона портал орқали кўрсатилади.
2025 йил 1 ноябрдан транспортга газ балони ўрнатилганлигига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.