Валюта курслари 30/10/2025
$1 – 11990.53
UZS – -0.12%
€1 – 13959.38
UZS – -0.24%
₽1 – 150.71
UZS – 0.33%
Қидириш
HotelPro Hub — меҳмонхона бизнесининг янги ўсиш формати

HotelPro Hub — меҳмонхона бизнесининг янги ўсиш формати

HotelPro Hub — меҳмонхона бизнесининг янги ўсиш формати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 29 октябрь куни Туризм қоʼмитаси коʼмагида Тошкентда илк бор “HotelPro Hub 2025” форуми бўлиб ўтди. Бу янги платформа меҳмонхоналар, ресторанлар, инвесторлар, профессионал пудратчилар ҳамда давлат ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирди.

Форум очилишида Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Сардор Ниёзов иштирокчиларни табриклаб, “HotelPro Hub” меҳмондўстлик соҳасидаги мутахассислар учун самарали мулоқот майдонига айланишига ишонч билдирди.

«HotelPro» компанияси асосчиси Дилшод Одилов ўзининг кириш сўзида бу форум меҳмонхона бизнеси эҳтиёжларини йиллар давомида чуқур ўрганиш натижаси эканини таъкидлади. Айнан шу таҳлиллар турли йўналишдаги соҳа вакилларини бир майдонга тўплаш ғоясини келтириб чиқарди.

Дарҳақиқат, “HotelPro Hub” нафақат меҳмонхоначиларни, балки потенциал инвесторлар ва соҳа етакчи етказиб берувчиларини — меъморлардан тортиб, рақамлаштириш билан шуғулланадиган компанияларгача — бирлаштирган илк платформа бўлди.

Форум бошида иштирокчиларга Ўзбекистон Миллий банки томонидан турли ҳудудлардаги туризм объектлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Миллий банк мамлакатда замонавий туризм инфратузилмасини яратишда стратегик ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.

Бугун меҳмонхоналарга хизмат сифатини ошириб, харажатларни камайтиришда нима ёрдам беради? Энг аввало — сув тежаш ва энергия самарадорлиги! Шу мавзуда “R-Towers” лойиҳаси раҳбари, халқаро тажрибага эга бош менежер Акмал Мураткулов ўз тақдимотида батафсил тушунтирди. Бу ҳар қандай меҳмонхона учун муҳим, айниқса спа-марказлар, бассейнлар ва ресторанларга эга йирик ресорт-меҳмонхоналар учун.

Спикер қуёш панеллари, хоналар учун картали энергия тизимлари, ёмғир сувини йиғиш каби технологиялар орқали ресурсларни тежаш чораларини тақдим этди. Булар нафақат иқтисодий, балки экологик фойда келтиради. Замонавий сайёҳлар эса “яшил туризм” тамойилига амал қиладиган меҳмонхоналарни танлайдилар. Шу сабабли, бундай технологияларни жорий этиш меҳмонхона учун рақобат устунлиги ҳисобланади.

Меҳмонхонанинг муваффақияти лойиҳалаш босқичиданоқ ўйлаб чиқилиши зарур. Буни ўз нутқида “Tatalab.uz” асосчиси ва Ўзбекистон ёш меъморлари ассоциацияси раҳбари Тахмина Турдиалиева исботлаб берди. Унинг таъкидлашича, “яшил ёндашув” нафақат ижобий обрў келтиради, балки иқтисодий фойда ҳам беради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, энергия ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш меҳмонхона харажатларини 20–30 фоизга камайтиради.

Бугунги кунда меҳмонхона бизнеси учун рақамлаштириш ҳам зарур — бронлаш тизимларидан тортиб, хоналарни тозалаш жараёнигача. “EXELY” компанияси бизнесни ривожлантириш менежери Дониёр Хайдаров ўз тақдимотида рақамли ечимлар ресурс тежамкорлигини ва хизмат сифатининг ўсишини таъминлашини қайд этди. У онлайн бронлаш, Channel Manager, PMS ва хоналарни тозалаш модуллари каби тизимларнинг аҳамиятини тушунтирди.

Форум давомида кўплаб сўзга чиққанлар замонавий меҳмонхона учун рақамлаштириш ва барқарор технологиялар муҳим омил эканини тасдиқладилар.

Туризм қўмитаси вакили Азиз Мирджалиловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бугун илгари кам танилган Марказий Осиё бурчагидан дунёнинг энг жозибадор туристик йўналишларидан бирига айланди. 2017 йилдан буён чет эллик сайёҳлар сони 4 баравар ошди, 2025 йил апрелидан бошлаб эса ҳар ойда 1 миллиондан ортиқ сайёҳ мамлакатимизни зиёрат қилмоқда.

Туризм ривожлангани сайин иш ўринлари кўпаяди, экспорт ортади ва мамлакатнинг халқаро танилиши ошади.

Бугун бу жараёнга “HotelPro Hub” ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда — бу ерда дунёдаги замонавий тенденциялар, янги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикр алмашилди. Ушбу кенгайтирилган платформа мамлакат меҳмонхона тармоғининг янада интенсив ўсишига хизмат қилади, бу ерда замонавий стандартлар ва миллий меҳмондўстлик муваффақиятли уйғунлашган.

“HotelPro Hub” асосчиси ва Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одиловнинг таъкидлашича, биринчи форум ғоянинг тўғрилигини исботлади — меҳмонхона эгалари ва уларга хизмат кўрсатувчилар бирлашди. Натижада, иштирокчи компаниялар базаси яратилади ва у расмий вебсайтда мунтазам янгиланиб боради. Шунингдек, ташкилотчилар ҳудудий тадбирларни ҳам ўтказишни режалаштирган, бу эса вилоятлардаги меҳмонхоналар учун янги имкониятлар очади. Демак, бу фақат бошланиши холос.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг