Ҳиндистонда ўзбек ва ҳинд тадбиркор аёллари ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бошчилигида Ўзбекистон аёл тадбиркорлари Ҳиндистонда хизмат сафари билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси қошидаги Аёллар ташкилоти (FICCI Ladies Organisation) билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иқтисодий салоҳият, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, турли соҳалардаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Жумладан, Н.Шотурсунова ўз нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида қизлар учун таълим бериш ва малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш, тўқимачилик йўналишида тажриба алмашиш ҳамда тиббиёт соҳасида фаолият юритувчи тадбиркор аёллар учун Тошкент шаҳрида Ҳиндистон ҳамкорлигида малака ошириш марказини ташкил этиш таклифлари илгари сурилди.
Учрашув натижалари бўйича бир қатор амалий келишувларга эришилди:
“Artatex” МЧЖ раҳбари Н.Бекмуратова Ҳиндистондаги “AROGYAM” компанияси раҳбари Намрата Мишра билан тўқимачилик соҳасида — хусусан, адрас матоларини экспорт қилиш;
“Lightmedium” клиникаси раҳбари Н.Умбарбекова тиббий хизматлар соҳасида Ҳиндистон ҳамкорларини жалб этиш;
“MPA International Creative Media Agency” раҳбари Н.Тожибоева Ҳиндистондаги “Pratap University Jaipur” университети билан талабаларнинг мобил алмашинув дастурини амалга ошириш юзасидан келишувга эришди.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси қошидаги Аёллар ташкилоти ўртасида икки давлат тадбиркор аёллари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш, халқаро лойиҳаларни амалга ошириш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.