Гонконг ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри рейслар логистика ва туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12 август куни Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди Гонконгда жойлашган JDB Group Limited компанияси раисининг ўринбосари Чан Ман Хин билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон, Гонконг ҳамда потенциал халқаро ҳамкорлар билан авиация соҳасидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.
Жумладан томонлар Гонконг ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистонда халқаро авиация академиясини ташкил этиш юзасидан фикр алмашди.
Томонлар логистика, туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган мунтазам йўловчи ва юк ташиш авиарейсларини йўлга қўйиш имкониятларини батафсил кўриб чиқдилар. Ушбу жараёнда устувор ҳамкор-оператор сифатида Hong Kong Airlines авиакомпанияси таклиф этилди.
Учрашувда муҳокама этилган яна бир муҳим масала Ўзбекистон ҳудудида халқаро авиация академиясини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Академия халқаро стандартлар (шу жумладан FАА ва IOSA) асосида учувчилар, техниклар, стюардессалар, ер усти ходимлари ва авиация менежерларини тайёрлайди.