Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 01/05/2025 Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди

Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 30 апрель куни Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда жорий йилнинг март–апрель ойларида республика бўйлаб амалга оширилган ўрганишлар натижалари ва фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб, 100дан ортиқ маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда 600дан зиёд туман депутатлари иштирокида аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказди. Учрашувларда “Яшил макон” лойиҳасини амалга ошириш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг бандлиги ва ижтимоий ҳимояси каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Парламент комиссияси мажлисида ушбу масалалар чуқур таҳлил қилиниб, айрим муаммолар тегишли ижро органлари билан ҳамкорликда ҳал этилгани, эришилган натижалар вақтинча эмас, балки тизимли ва барқарор бўлиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш ва манфаатдор ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Мажлис давомида ҳудудлар кесимида аниқланган ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни бартараф этишга қаратилган давлат грантлари эълон қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу грантлар аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш,  атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш,  таълим, маданият ва спортни ривожлантириш,  соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби йўналишларни қамраб олади.

Грант танловлари ва барча тегишли жараёнлар ngo.gov.uz ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади. Фуқаролик жамияти институтлари ушбу платформа орқали ўз лойиҳаларини тақдим этиш, баҳолаш жараёнини кузатиш ва муҳокамаларда фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, мажлисда қатор давлат ташкилотларининг ижтимоий буюртмалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг устав фаолияти бўйича мурожаатлари ва амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг