Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва KIND Тошкентда SMART-BIO CLUSTER лойиҳасини амалга ошириш масаласини муҳокама қилишди
Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва KIND Тошкентда SMART-BIO CLUSTER лойиҳасини амалга ошириш масаласини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 февраль куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Korea Overseas Infrastructure & Urban Development Corporation (KIND) томонидан “2025 K-City Network: Тошкент Смарт Био-Кластер” лойиҳаси доирасида навбатдаги ҳамкорлик учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган SMART-BIO CLUSTER лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур йирик ташаббус биосаноат зонаси, илмий-тадқиқот маркази, сунъий интеллект ва стартаплар ҳудуди, шунингдек ижтимоий ҳамда муҳандислик-инфратузилма объектларини ўз ичига олади.
Музокаралар давомида қуйидаги устувор йўналишлар бўйича ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди: SMART-BIO CLUSTER лойиҳасини амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, замонавий биотехнологик ва фармацевтика ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, илмий-тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида қўшма лойиҳаларни шакллантириш, соҳада илғор хорижий тажрибани жорий этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, фармацевтика кластерлари самарадорлигини ошириш.
Шунингдек, лойиҳанинг иқтисодий аҳамияти, жумладан, ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссаси, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконияти алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани кейинги босқичга олиб чиқиш, хусусан, техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш ва уни юқори даражада тақдим этиш масалалари юзасидан келишувга эришдилар.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, фармацевтика ва биотехнология соҳаларига йирик инвестицияларни жалб қилиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга инновацион ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга хизмат қилади.