Валюта курслари 13/03/2026
$1 – 12102.39
UZS – -0.27%
€1 – 13990.36
UZS – -0.55%
₽1 – 153.08
UZS – -0.21%
Қидириш
Фарғонада “Фарғона – Пёнтек” бизнес-форуми ўтказилди

Фарғонада “Фарғона – Пёнтек” бизнес-форуми ўтказилди

Фарғонада “Фарғона – Пёнтек” бизнес-форуми ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13-март куни Фарғона шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Фарғона вилояти ҳамда Жанубий Кореянинг Пёнтек шаҳри ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бизнес-форум бўлиб ўтди.

Икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда икки давлатнинг ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Жанубий Кореянинг Пёнтэк шаҳри мэри Жонг Чанг Сон бошчилигидаги делегация аъзоларига ташриф учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.

Вилоят раҳбари Жанубий Корея Республикасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, илм-фан ва инновацияларга берилаётган юксак эътибор мамлакатни дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айлантирганини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётгани, “Марказий Осиё – Корея” биринчи саммити 16–17 сентябрь кунлари Сеул шаҳрида бўлиб ўтиши белгилангани ҳам ҳамкорлик алоқаларининг изчил ривожланаётганидан далолат экани қайд этилди.

Фарғона вилояти ҳамда Кореянинг бир қатор ҳудудлари билан самарали алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳамкорликда Пёнтэк шаҳри алоҳида ўрин тутади.

Пёнтэк шаҳри Жанубий Кореянинг муҳим саноат ва инновацион марказларидан бири ҳисобланади. Айниқса, яримўтказгичлар саноати, замонавий саноат ишлаб чиқаришлари, логистика ҳамда янги технологияларни ривожлантириш соҳаларида катта тажрибага эга.

Вилоят ҳокими бугунги кунда вилоятда Корея капитали иштирокидаги корхоналар сони 50 тадан ошгани, уларнинг фаолият йўналишлари тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорлик алоқалари бундан буён ҳам янада ривожланишига ишонч билдирилди. Кореялик инвесторлар ва тадбиркорлар учун ҳудудда барча қулай шарт-шароитлар яратилгани, истиқболли инвестиция лойиҳалари доимо қўллаб-қувватланишини маълум қилди. 

Пёнтэк шаҳри мэри Жонг Чанг Сон ҳам тадбирда сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасида изчил ривожланаётганини, яқин ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади. У Фарғона билан йўлга қўйилган алоқалар ҳам ушбу жараёнда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Шундан сўнг вилоят Савдо-саноат палатаси раҳбари Шерзод Йўлдашев, Пёнтэк шаҳри Савдо-саноат палатаси раҳбари Ли Канг Сун ҳамда “Корея – Ўзбекистон” бизнес ассоциацияси вице-президенти Эдвард Ким сўзга чиқиб, ҳудудлар ўртасида имзоланган меморандум ҳамкорлик учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидладилар. Улар бизнес-форум истиқболли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда муҳим платформа бўлишини қайд этдилар.

Тадбир давомида Фарғона вилояти инвестицион жозибадорлиги ҳақида видеоролик намойиш этилди. Вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов ҳудуднинг инвестиция ва экспорт салоҳияти ҳақида тақдимот қилди.

Бизнес-форум маҳаллий ҳамда кореялик ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги B2B учрашувлари билан давом этди. 

Унда тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, автомобилсозлик каби турли йўналишлардаги тадбиркорлар иштирок этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг