Фарғона вилояти ҳокими Хитой инвесторлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Шаньдун провинцияси Жянси савдо палатаси асосчиси, “Shandong Sanlixing Holding Group” компанияси раиси Фан Йоужин бошчилигидаги йирик делегацияни қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатга, тенглик ва очиқликка асосланган ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани ва икки давлат раҳбарлари даражасида доимий мулоқот ва самарали алоқалар йўлга қўйилгани, бу эса алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
Хитой юртимизга энг кўп сармоя киритаётган мамлакатлардан бири эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, Фарғона вилояти ва Шаньдун провинцияси ўртасида ҳам кўплаб йўналишларда самарали ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани, биргаликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Фарғона вилоятининг инвестицион салоҳияти, жойларда ташкил этилаётган саноат зоналари, технопарклар, инвесторлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Фан Йоужин Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги ишончли ҳамкорлик хитойлик ишбилармонларни ҳам бизнес юритишга, инвестиция лойиҳаларни амалга оширишга ундаётганлигини қайд этди. 200 мингдан ортиқ тадбиркорларни бирлаштирган савдо палатаси Фарғона вилоятида ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштираётганини, нуфузли компаниялар ва тадбиркорлар инвестиция киритишга қизиқиш билдираётганини таъкидлади.
Вилоят раҳбари ҳар бир йўналишда хитойлик инвесторлар томонидан билдирилган таклифларни, замонавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашувда инвестициялар оқимини ва кўламини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келгусидаги чора-тадбирлар келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, вилоятимизда хорижий капитал иштирокида рўйхатдан ўтган корхоналар сони 833 тага етди. Мазкур корхоналардан 251 таси Хитой капитали иштирокида фаолият олиб бормоқда.