Фарғона вилояти ҳокими Туркияда тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни кўздан кечирди ва ҳамкорлик меморандумини имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиядаги амалий ташриф доирасида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Конья шаҳрида жойлашган тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчи “Medikal 2000” компанияси фаолияти билан ҳам танишди ҳамда компания бошқарув раиси Нежип Чимен билан учрашди.
“Medikal 2000” — Туркиянинг етакчи тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Компания реанимация ва интенсив терапия бўлимлари учун замонавий ускуналар, тиббий мебель ҳамда махсус электр жиҳозларини ҳам ишлаб чиқаради.
Ҳозирги кунда корхона маҳсулотлари қатор мамлакатларга, айниқса, сўнгги беш йилда энг кўп Ўзбекистонга ҳам экспорт қилинмоқда. “Medikal 2000” нафақат Туркияда, балки минтақавий тиббий ускуналар бозорида ҳам ишончли ҳамкор сифатида танилган.
Мулоқотда компания раҳбари Нежип Чимен “Medikal 2000”нинг Истанбул ва Конья шаҳарларида кўп қаватли уйлар қурилишидаги иштирокини ҳам маълум қилди. Шунингдек, учрашув давомида Нежип Чимен ҳамда вилоятимизда фаолият олиб бораётган “Biotest Medikal” МЧЖ раҳбари Азимжон Мирзалиев ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
25 миллион долларлик лойиҳа доирасида Фарғона шаҳрида замонавий кўп тармоқли тиббиёт шифохонаси қурилиши маълум қилинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Medikal 2000” компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотлари билан яқиндан танишиб, унинг тиббиёт соҳасидаги фаолиятини юқори баҳолади. Келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари келишиб олинди.