Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Ўзбекистон 17/08/2025 Фарғона ва Қашғар қардош шаҳарларга айланди: ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Фарғона ва Қашғар қардош шаҳарларга айланди: ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти расмийлари ва тадбиркорларидан иборат делегация Хитойнинг Синьцзян-Уйғур мухтор районидаги Қашғар шаҳрига ташриф буюриб, самарали учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.

Ташриф доирасидаги асосий воқеалардан бири Фарғона ва Қашғар шаҳарлари ўртасида қардошлик муносабатларини ўрнатиш бўйича меморандум имзоланиши бўлди. Томонлар туризм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, уруғчилик ҳамда замонавий лойиҳаларни амалга ошириш каби соҳаларда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, «Dilrabo Travel» (Фарғона) ва «Kashi Katie International Travel» туристик компаниялари ўртасида 2,5 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланди.

Қўқон шаҳри ва Қашғар вилоятининг Зепу уезди вакиллари ҳам учрашув ўтказиб, туризм салоҳиятини муҳокама қилдилар, маълумотлар алмашдилар ва ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқдилар. Музокаралар якунида коммунал ишлаб чиқариш, робототехника ва бошқа йўналишларда келишувларга эришилди.

Алтиқўриқ тумани ва дунёдаги энг йирик узумчилик марказларидан бири ҳисобланган Турфан шаҳри вакиллари ҳам учрашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Фарғона делегацияси 40 минг гектар майдонда 560 нав узум етиштириладиган хўжалик фаолияти билан танишди. Томонлар Алтиқўриқ тумани имкониятларини ҳисобга олган ҳолда узумчилик соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Ташриф доирасида фарғоналик меҳмонлар саноат корхоналари фаолияти билан танишдилар, Қашғарнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилдилар ва маданий тадбирларда иштирок этдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг