Фарғона ва Гомель ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Фарғона ва Гомель ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Фарғона ва Гомель ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун Фарғона туманидаги “Қабуллар уйи”да вилоятига амалий ташриф билан келган Беларусь Республикасининг Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Фарғона ва Гомель вилоятлари ўртасида ҳудудлараро амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Мазкур ижобий динамика ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди.

Музокаралар давомида Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, тадбиркорлар кенгашини шакллантириш, савдо-иқтисодий миссиялар, бизнес-форумлар ва кўргазмалар, шунингдек, халқаро фестиваллар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Экспорт имкониятлари ҳақида сўз борди.

Шу билан бирга, Бувайда туманида Беларусь компаниялари иштирокида “мебель кластери”ни ташкил этиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, чорвачилик ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, таълим ва ёшлар сиёсати соҳаларида талабалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, малака ошириш дастурларини амалга ошириш, IT соҳасини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича келишувларга эришилди.

Туризм йўналишида эса ахборот алмашинувини кучайтириш орқали икки ҳудуднинг салоҳиятини кенг тарғиб қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувда Фарғона вилоятининг инвестицион салоҳияти, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, шунингдек, эркин иқтисодий зоналардаги имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ҳудудлараро келишувлар ижроси онлайн мулоқотлар орқали мунтазам назорат қилиб борилиши ва ҳар чорак якуни бўйича эришилган натижалар сарҳисоб қилиниши айтилди. Бу эса савдо ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва янги инвестиция имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқотда Гомель вилояти Ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб боришига яна бир бор ишонч билдирди.

Учрашув якунида томонлар Фарғона ва Гомель вилоятлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси—"йўл харитаси"ни ҳамда Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик келишувини имзоладилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг