Фарғонада янги энергия тежамкор насос станцияси очилди
Фарғонада янги энергия тежамкор насос станцияси очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда қарийб 2,4 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, яъни суғориладиган майдонларнинг 56% суғорилиши насослар ишига боғлиқ. Мамлакатдаги 1700 та ирригация насос станциялари ҳар йили 7,2 млрд кВт·соат электр энергиясидан фойдаланади, бу эса умумий истеъмолнинг 16% ини ташкил этади. Шу сабабли уларнинг энергия самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Жаҳон банки (144,9 млн доллар), Ўзбекистон ҳукумати (18 млн доллар) ва Европа Иттифоқи (12,9 млн доллар) томонидан молиялаштирилаётган “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” лойиҳаси ирригация ва дренаж хизматларини такомиллаштиришга қаратилган. У, жумладан, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган айрим насос станцияларининг ишини яхшилаш тадбирларини ҳам ўз ичига олади. Лойиҳа Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда.
Яқинда Фарғона вилоятига амалга оширилган ишчи сафар давомида Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳасин лойиҳа доирасида қурилган янги «Аввал-Логон» насос станциясини кўздан кечирди. У Сув хўжалиги вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан бирга станцияни фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди.
Тўлиқ автоматлаштирилган ва учта энергия тежамкор насос агрегатлари билан жиҳозланган мазкур станция сониясига 2,0 м³ (йилига 63 млн м³) сув етказиб бера олади. У сувни 175 метр баландликка кўтара олади ва асосан апрель–июнь ойларида суғоришга муҳтож бўлган майдонларни сув билан таъминлайди.
Объектга янги муҳандислик тармоқлари, жумладан 10 000 кВ кучланишли электр подстанцияси, 110 кВ кучланишли электр узатиш линияси ҳамда 1 220 мм диаметрли, узунлиги 9 километрдан ортиқ бўлган босимли қувур ҳам тортилган.
Насос станцияси тахминан 5 000 гектар ерни сув билан таъминлайди. У бир агрокластерга, қарийб 40 та фермер хўжалигига ва Фарғона вилоятидаги 14 та қишлоқда истиқомат қилувчи 3 000 дан ортиқ томорқа эгаларига ирригация хизматларини кўрсатади.
Ҳозирга қадар лойиҳа доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар Фарғона водийсида 46 000 гектар (лойиҳа ҳудудининг тахминан 50%) майдонда ирригация ва дренаж хизматларининг сифатини оширди. Бу эса тахминан 48 000 нафар маҳаллий фермер фаолиятига (барча бенефициарларнинг қарийб 50%) ижобий таъсир кўрсатмоқда.