Фарғонада Корея компанияси иштирокида автомобиль компонентлари ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда
Фарғонада Корея компанияси иштирокида автомобиль компонентлари ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қувасой шаҳри Пакана МФЙ ҳудудидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида йирик саноат корхонаси - Корея Республикасининг “Hansae Mobility” компанияси билан ҳамкорликда автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
12 декабрь куни вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзоджон Полвонов ушбу компания катта ижрочи директори Жонг Дай Вонни қабул қилди.
30 млн доллар сармоя йўналтирилаётган янги корхонада лойиҳага кўра, биринчи босқичда 120 та, умумий ҳисобда 200 тадан зиёд иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. 2026 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Учрашувда лойиҳа доирасида бораётган ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, белгиланган муддатларда ишларни якунлаш, корхонага малакали мутахассисларни жалб қилиш, тайёрлаш, ўзаро ишонч асосида ҳамкорликни давом эттириш масалаларига эътибор қаратилди.
Компания катта ижрочи директори Жонг Дай Вон қурилиш ишлари жадал бораётганини таъкидлаб, ҳамкорлик ва кўмак учун миннатдорчилик билдирди. Лойиҳани белгиланган муддатда ишга тушириш чора-тадбирлари келишиб олинди.