Фарғона вилоятида икки ака-ука сувга чўкиб ҳалок бўлди
Фарғона вилоятида икки ака-ука сувга чўкиб ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти Бешариқ туманида 19 март куни тахминан соат 20:05 да «Булоқбоши» маҳалласида фожиали ҳодиса юз берди: икки ака-ука сувга чўкиб ҳалок бўлди.
Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, олти ёшли С. З. сув тақсимлаш резервуари ёнида ўйнаб юрган вақтида ўйинчоғини тушириб юборган ва уни олишга ҳаракат қилиб сувга тушиб кетган.
Унинг саккиз ёшли акаси кичик укасини қутқариш учун ортидан сувга сакраган, аммо оқимга қарши тура олмаган. Икки бола ҳам сувдан чиқолмай, воқеа жойида ҳалок бўлган. Кейинчалик уларнинг жасадларини канал ҳудудида отаси топган.
Суд-тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, ўлим сабаби нафас йўлларига сув кириши натижасида юзага келган механик асфиксия бўлган.
Ҳозирда Бешариқ туман прокуратураси мазкур ҳолат бўйича дастлабки терговга қадар текширув олиб бормоқда.