Фарғона вилоятида автомобиль каналга тушиб кетди – қурбонлар йўқ
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Риштон туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди: ҳайдовчи бошқарувидаги «Малибу-2» русумли йўловчи автомобили эҳтиётсизлик туфайли йўлдан чиқиб кетиб, Катта Фарғона каналига тушиб кетди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса ҳақидаги хабар туман бўлимига соат 15:40 да келиб тушган. Воқеа жойига зудлик билан қутқарув хизматлари жўнатилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан вазирлик тизимидаги тегишли ташкилотлар кўмагида махсус техника ва механизмлар ёрдамида автомашинани сувдан чиқариб олди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида қурбонлар йўқ. Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш учун тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.