Фарғона вилояти ва Хубэй провинцияси ҳамкорликни мустаҳкамламоқда: хитойлик бизнесменлар делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитой Халқ Республикасининг Хубэй провинцияси Ухан шаҳридан келган қатор компаниялар вакилларидан иборат катта ишбилармонлар гуруҳини қабул қилди.
Учрашувда икки ҳудуд ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари юқори даражада жадал ривожланаётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик янги босқичга чиқаётганлигини қайд этди. Хусусан, Хубэй провинцияси билан ҳам дўстона алоқалар йўлга қўйилаётганлигини билдирди.
Инвесторларга Фарғона вилоятининг иқтисодий-инвестицион салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда хитойлик ишбилармонлар Фарғонада турли соҳалар бўйича ҳамкорлик қилиш, инвестиция киритиш бўйича таклифларни илгари сурдилар.
Мулоқот якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва аниқ лойиҳалар асосида иш олиб боришга келишилди.