ЕХҲТ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига кузатув ускуналарини топширди
ЕХҲТ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига кузатув ускуналарини топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 3 феврал куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига 40 дона видеокузатув камераларини топширди.
Ушбу ускуналарни тақдим этиш муносабати билан расмий топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур ташаббус чегара бошқаруви ва кузатув имкониятларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Топширилган видеокамералар Ўзбекистон ҳудудидаги муҳим чегара ўтказиш пунктларида ўрнатилади. Уларни жойлаштиришда Ўзбекистон - Афғонистон чегарасида жойлашган стратегик аҳамиятга эга «Айритом» чегара ўтказиш пунктига устуворлик берилади. Ушбу ташаббус мамлакат чегараларида мониторинг, хавфсизлик ва оператив назоратни сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади.
“ЕХҲТ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда ушбу замонавий кузатув ускуналарини тақдим этаётганидан мамнун. Ушбу хайрия минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка йўналтирилган аниқ сармоядир. Айритом ва бошқа муҳим ўтказиш пунктларида ўрнатиладиган ушбу камералар чегара ходимларига кузатувни кучайтириш, ноқонуний фаолиятни аниқлаш имкониятларини яхшилаш ҳамда ўтказиш пунктлари хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беради. Биз Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига самарали ҳамкорлик ва фидокорона ҳамжиҳатлик учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда муҳим аҳамият касб этган Қўшма Штатларнинг саховатли молиявий ҳиссаси учун алоҳида ташаккур изҳор этамиз”, - деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Антти Карттунен.
“Қўшма Штатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларининг мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларини юксак қадрлайди. Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек, Қўшма Штатлар хавфсизлигига ҳам ҳисса қўшмоқда. Бугун қабул қилинаётган ускуналар Ўзбекистон Республикаси билан трансмиллий хавфсизлик таҳдидларининг кенг доирасига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ҳамкорлигимизнинг фақат бир қисмидир”, - Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг Хавфсизлик бўйича ёрдам масалалари координатори Патрик Пратт таъкидлаб ўтди.
Мазкур кўмак Германия, Швеция, Америка Қўшма Штатлари ва Франция томонидан молиялаштирилаётган ЕХҲТнинг “Афғонистондан келиб чиқадиган трансчегаравий муаммоларга қарши курашишда Ўзбекистоннинг барқарорлигини мустаҳкамлаш” номли бюджетдан ташқари лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, 4 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ҳузуридаги Малака ошириш факултетида лойиҳа ишчи гуруҳининг координацион йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ЕХҲТ, Давлат божхона қўмитаси, Божхона институти, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этди. Йиғилиш давомида лойиҳа доирасида эришилган натижалар кўриб чиқилди, шунингдек, 2026–2027 йилларга режалаштирилган янгиланган лойиҳа йўл харитаси муҳокама қилиниб, келишиб олинди.