Эрон президенти қўшни давлатларга зарба беришни тўхтатиш ҳақида баёнот берди, фақат улар томонидан тажовуз бўлган ҳолатлар бундан мустасно
Эрон президенти қўшни давлатларга зарба беришни тўхтатиш ҳақида баёнот берди, фақат улар томонидан тажовуз бўлган ҳолатлар бундан мустасно
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Эрон Ислом Республикаси президенти Масуд Пезешкианнинг маълум қилишича, Эроннинг вақтинчалик раҳбарлик кенгаши қўшни давлатларга қарши зарбаларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди, фақат улар томонидан тажовуз содир этилган ҳолатлар бундан мустасно.
«Кенгаш кеча қўшни мамлакатларга қарши зарбалар бериш ва ракета учиришни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди, фақат улар Эронга ҳужум қилган ҳолатлар бундан мустасно. Биз кўп бор айтганмизки, улар бизнинг биродарларимиздир. Биз минтақада тинчлик ва барқарорликни биргаликда таъминлашимиз керак», — дея таъкидлади президент. Шунингдек, у аввалги ҳаракатлар учун узр сўраб, Эрон қуролли кучлари АҚШ ва Исроил томонидан эҳтимолий ҳужумдан мамлакатни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрганини қайд этди. Пезешкиан мавжуд зиддиятларни дипломатик йўл билан ҳал этишга чақириб, «Вашингтон ва Тель-Авивнинг қўлида ўйинчоққа айланмаслик» лозимлигини таъкидлади.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли операцияни бошлади. Тель-Авивда билдирилишича, унинг мақсади Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймасликдан иборат. Вашингтон Эрон флотини ва мудофаа саноатини йўқ қилиш билан таҳдид қилди, шунингдек мамлакат фуқароларини ҳукуматни ағдаришга чақирди.
Бунга жавобан Эрон Исроил ҳудудига ҳамда Яқин Шарқдаги Америка ҳарбий объектларига, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Саудия Арабистони, Ироқ, Қувайт ва бошқа давлатларда жойлашган объектларга зарбалар берди.