Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилгани сабабли бир неча халқаро рейслар Тошкентга қўнди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13 июнь куни тонгда бир неча халқаро авиарейслар Эрон ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилгани муносабати билан ўз маршрутларини ўзгартиришга ва Тошкент халқаро аэропортига режадан ташқари қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY5343 рейси — Тошкент–Жидда йўналишидаги парвоз — соат 06:18 да Тошкентда қўнган. Бортда йўловчилар бўлмаган.
Соат 06:37 да Fly Dubai авиакомпаниясининг FZ1942 рейси — Тошкент–Дубай йўналишидаги парвоз — Тошкент аэропортига қўнди. Барча йўловчилар вақтинча аэровокзал биносига жойлаштирилди.
07:46 да Air Cairo авиакомпаниясининг SM882 рейси — Алматыдан Шарм-эш-Шайхга йўналган — мажбурий қўниш амалга оширди. Ундан сўнг, соат 07:57 да Qatar Airways авиакомпаниясининг QR8985 рейси — Сеулдан Дохага парвоз қилаётган — Тошкентга қўнди.
Бундан ташқари, Тошкент–Доха йўналишидаги C63341 рейси (Centrum Air авиакомпанияси) парвози кечиктирилди. Ҳозирча самолёт аэропортда турибди, йўловчилар терминал биносида вақтинча жойлаштирилган.
Uzbekistan Airports йўловчиларга рейслар ҳолати ва эҳтимолий учиш вақтлари тўғрисида энг долзарб маълумотларни олиш учун ўз авиакомпаниялари билан бевосита боғланишни тавсия қилади.