Валюта курслари 31/07/2025
$1 – 12591.57
UZS – 0.73%
€1 – 14545.78
UZS – 0.51%
₽1 – 153.82
UZS – 1.22%
Қидириш
Ўзбекистон 28/07/2025 Энергетика вазирлиги: Муйноқда қазилма қудуғидан газ чиқиши локаллаштирилди, аҳоли учун хавф йўқ

Энергетика вазирлиги: Муйноқда қазилма қудуғидан газ чиқиши локаллаштирилди, аҳоли учун хавф йўқ

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 июль куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистонда газнинг назоратсиз оқиб чиқиши ҳақида тарқалган хабарларга Ўзбекистон Энергетика вазирлиги расмий изоҳ берди.

Вазирлик маълумотига кўра, 26 июль куни Мўйноқ тумани, “Учсой” ОФЙ ҳудудида жойлашган “Муйноқ” конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилди. Бу қудуқ — ушбу конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади.

Газ босими кутилган даражадан юқори бўлганлиги сабабли, барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Воқеа содир бўлган пайтдан бошлаб барча тегишли ташкилотлар — “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси бошчилигидаги Жамиятга қарашли “Очиқ нефт ва газ фаввораларини олдини олиш ва бартараф этиш  бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмининг Марказий ҳарбийлаштирилган назорат отряди”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари воқеа жойида бўлиб турибди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу қудуқ аҳоли яшаш жойидан узоқда ва газ таркибида олтингугурт йўқ бўлган тоза метан ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, Устюрт ҳудудидаги барча конлардан олинадиган табиий газ таркибида олтингугурт учрамайди.

Энергетика вазирлиги вазият тўлиқ назоратда эканини маълум қилди ва ҳолат ривожига қараб қўшимча ахборот тақдим этилишини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг