Эндиликда 1 кунда фақат 1 та банкдан онлайн кредит олишга рухсат этилади
Эндиликда 1 кунда фақат 1 та банкдан онлайн кредит олишга рухсат этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда онлайн-кредит олишга чеклов жорий этилмоқда — 1 кунда 1 тадан ортиқ кредит олиш мумкин эмас. Тегишли нормалар аҳолига молиявий хизматларни масофадан кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликни кучайтириш, шунингдек кредит соҳасидаги фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган янги тартибда назарда тутилган.
Адлия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 21 январда 3759-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Тасдиқланган талабларга мувофиқ, онлайн-кредит олиш учун ариза топширилганда кредит ташкилоти энг аввало ариза берувчи ҳақидаги маълумотларни кредит шартномаларини тузиш тақиқланган шахслар реестрида текшириши шарт. Агар ушбу реестрда ариза берувчи ҳақида маълумот мавжуд бўлмаса, аризани кўриб чиқиш белгиланган тартибда давом эттирилади.
Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида бир нечта онлайн-кредит расмийлаштириш имкониятини истисно этувчи механизм жорий этилмоқда. Агар жисмоний шахснинг бир хил шахсий идентификация рақами — ЖШШИР бўйича кредит бюроларига бир вақтнинг ўзида бир нечта кредит ташкилотидан сўровлар келиб тушса, кўриб чиқиш ва қайта ишлаш учун фақат вақт жиҳатидан биринчи бўлган сўров қабул қилинади.
Биринчи сўров юборган кредит ташкилоти ушбу ЖШШИР бўйича онлайн кредит расмийлаштирилганлигини маълум қилса, кредит бюролари мазкур ЖШШИР бўйича бошқа кредит ташкилотларига 24 соат давомида сўров қабул қилинмаслиги тўғрисида маълумот беради.
Ушбу нормаларнинг жорий этилиши аҳолининг ортиқча қарз юки хавфини камайтириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, молиявий тизим барқарорлигини ошириш, шунингдек кредитларни масофадан расмийлаштиришда фирибгарлик схемаларининг олдини олишга қаратилган.