Электромобилларни қувватлантириш станциялари учун асбоб-ускуналар божхона божидан озод қилинади
Электромобилларни қувватлантириш станциялари учун асбоб-ускуналар божхона божидан озод қилинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Аҳолининг алоҳида турдаги истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлашга ҳамда иқтисодиётнинг айрим тармоқларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–269-сон, 30.12.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар асосида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган қуйидаги товарлар 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади:
электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар;
пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти уруғи ва кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари.
2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган солиқ тўловчилар учун мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади:
чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган бўлса;
ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланган бўлса.