Электр энергияси иқтисодиётнинг двигатели сифатида: «Ўзатом» ХАЭА эксперти билан атом энергетикаси келажагини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзатом» агентлигида америкалик эксперт иштирокида "Атом энергетикаси: манфаатдор томонлар билан биргаликда инфратузилмани яратиш" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарни Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) эксперти, АҚШнинг ядро энергетикаси соҳасида манфаатдор томонлар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Келли Барфилд олиб борди.
Семинар иштирокчилари — «Ўзатом» агентлиги мутахассислари ва АЭС қурилиши дирекцияси ходимлари ядро энергетикаси соҳасидаги миллий дастурларнинг асосий вакиллари, шу жумладан хусусий сектор ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқдилар.
"Энергия ҳамма нарсага «куч» беради. Киловаттлар орзуларни рўёбга чиқаради. Ишончли ва арзон электр энергияси бўлмаса, мамлакат иқтисодиётини олдинга силжита олмайсиз. Бу ҳар доим фундаментал бўлган", — деди Келли Барфилд.
Экспертлар АҚШнинг илғор тажрибасини ўрганиш, амалий мисоллар ва манфаатдор томонларни атом саноатини ривожлантиришга жалб қилиш воситаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
"Биз ресурсларни бутун дунёдан оламиз. Айнан шунинг учун сизнинг, масалан, ХАЭА ёки Қўшма Штатлар каби ривожланаётган ишлаб чиқарувчи мамлакатлар билан ҳамкорлигингиз жуда муҳим", — дея қўшимча қилди эксперт.
Бундан ташқари, семинар иштирокчилари АЭС хавфсизлигини таъминловчи технологиялар, шунингдек, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши шароитида атом энергетикасининг ижтимоий-иқтисодий истиқболларини муҳокама қилдилар.