ЕИ элчиси Термизга ташриф буюриб, Ўзбекистондаги 10-Европа кинофестивалини очади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клапр 11 ноябрь куни Термиз шаҳрига ташриф буюради. Ташриф Европа Иттифоқининг мамлакат ҳудудлари билан ҳамкорликни ривожлантириш доирасида амалга оширилади.
Дастур доирасида элчи Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Термиз давлат университети ректори, профессор Абдукодир Тошқулов билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Шунингдек, элчи университет талабалари билан очиқ суҳбат ўтказади.
Ташрифнинг асосий воқеаси сифатида Ўзбекистондаги 10-Европа кинофестивалининг тантанали очилиши бўлади. Ушбу кинофестиваль илк бор Термиз шаҳрида ҳам ўтказилади.
Кинофестиваль Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашинувни мустаҳкамлаш, мулоқотни ривожлантириш ҳамда гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.