Депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича ҳисоботини тингладилар
Депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича ҳисоботини тингладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Соғлиқни сақлаш вазири А. Худаяровнинг “Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича қабул қилинган ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижроси тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий профилактика, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамни ривожлантириш, ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам, давлат тиббий суғуртаси, рақамлаштириш ва кадрлар сиёсати йўналишларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида соҳага доир 3 та қонун, Президентимизнинг 3 та фармон ва 2 та қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан 15 та туман ва шаҳарда соғлиқни сақлаш тизимининг халқаро тажрибага асосланган янги модели жорий этилди.
Давлат бюджети ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланиб, орфан касалликларда дори воситалари билан таъминлаш тартиби ишлаб чиқилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида аҳолини профилактик кўриклардан ўтказиш кенгайтирилиб, 18-40 ёшли 12 миллион нафардан зиёд фуқаро профилактикадан, 40 ёшдан катта 7 миллион нафар аҳоли юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабет, 800 мингдан ортиғи сил касаллиги бўйича скринингдан ўтказилди.
Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида 70 мингдан ортиқ беморлар кўрикдан ўтказилиб, 17 мингдан зиёд жарроҳлик амалиётлари бажарилган. Тиббиёт муассасалари амалиётига 242 турдаги янги диагностика ва даволаш усуллари жорий этилиб, марказ филиаллари амалиётига 7 та янги диагностика ва 10 та даволаш усули татбиқ этилди.
Вазирга кўра, жорий йилда тез тиббий ёрдам хизмати томонидан 7 миллиондан зиёд чақириқлар ижроси таъминланиб, илк бор ихчам электромобиллар базасида махсус тез ёрдам бригадалари фаолияти йўлга қўйилди. 1 000 та замонавий автомашина ҳисобига тез тиббий ёрдам автопарки янгиланган.
Тез тиббий ёрдамдаги бригадалар сони 1 648 тадан 2 865 тага етказилгани, дори-дармон учун ажратилган маблағлар 16 каррага ошгани натижасида чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқарди.
Мажлисда депутатлар соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга, ҳудудларда айрим камчиликлар кузатилаётгани, сайловчилар билан мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан мазкур масалада эътирозлар бўлаётганини қайд этдилар. Хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш, ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам, давлат тиббий суғуртаси соҳасида имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани таъкидланди.
Муҳокамалар давомида халқ вакиллари томонидан аҳолининг соғлиғини сақлаш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш, ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам соҳасига оид бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда Соғлиқни сақлаш вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилиниб, кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.