Депутатлар ов қилиш учун рухсатномалар бериш ва овларни қайд этишнинг электрон тартибини қўллаб-қувватладилар
Депутатлар ов қилиш учун рухсатномалар бериш ва овларни қайд этишнинг электрон тартибини қўллаб-қувватладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда депутатлар ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдилар.
Ушбу қонун лойиҳаси ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси билан “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳасида ов қилиш жараёнлари шаффофлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда. Шу билан бирга, овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари)ни бериш махсус электрон дастур орқали амалга оширилиши, улар асосида мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.
Лойиҳа билан питомникларда етиштирилган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш жойларига қўйиб юбориш амалиёти қўллаб-қувватланиб, бундай ҳайвонлар ҳисобидан ов қилишни ташкил этишга рухсат берилиши белгиланмоқда. Мазкур ёндашув ов қилиш билан бир вақтда ёввойи ҳайвонлар захирасини тўлдириш имконини беради.
Бундан ташқари, ов қилиш фақат овчилик хўжаликларига бириктириб берилган ов қилиш жойларида амалга оширилиши белгиланяпти. Бу эса ов қилиш устидан назоратни кучайтириш ҳамда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва уларнинг табиий захирасини асрашга хизмат қилади. Шунингдек, ов қилишни режалаштириш, рухсат этилган ҳудудлар ва муддатларни белгилашда ягона тизим асосида иш юритиш назарда тутилмоқда.