ДБҚ iPhone 17 телефонини божхона расмийлаштируви тартибини тушунтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси шахсий фойдаланиш учун товарлар, жумладан яқинда тақдим этилган iPhone 17 модели бўйича жисмоний шахслар томонидан тўланадиган божхона тўловлари ҳисоб-китоби тартиби ҳақида тушунтириш берди.
ДБҚ маълумотига кўра, божсиз олиб кириш лимити фуқароларнинг давлат чегарасини қайси йўл билан кесиб ўтишига боғлиқ. Авиаалоқалар орқали келаётган шахслар учун лимит 1 000 АҚШ долларигача белгиланган.
Темирйўл ёки дарё транспорти орқали саёҳат қилаётганлар учун бу миқдор 500 долларни, автотранспорт ёки пиёда кесиб ўтувчилар учун эса 300 долларни ташкил этади.
Агар олиб кирилаётган қурилма қиймати белгиланган лимитдан ошса, ортиқча суммадан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади. Қўшимча равишда божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида йиғим тўланади. Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 103 000 сўмни ташкил этади.
Божхона қиймати фуқаро тақдим этган чеклар ва бошқа тижорат ҳужжатлари асосида белгиланади. Агар бундай ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, баҳолаш божхона органлари томонидан мустақил амалга оширилади — юк декларациялари электрон базаси, ишлаб чиқарувчи компанияларнинг расмий нарх рўйхатлари ҳамда қурилма олиб кирилган мамлакатдаги Apple расмий сайти маълумотлари асосида.
Apple компанияси сентябрь ойи бошида iPhone 17 сериясини тақдим этган бўлиб, янги қурилмалар турли мамлакатлар бозорларига етказиб берилишни бошлади.