Давлат харидлари тизимида рақобат ва шаффофлик таъминланади
Давлат харидлари тизимида рақобат ва шаффофлик таъминланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль ишга туширилади.
2026 йил 1 январдан давлат харидларида рақобатли усул орқали айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг “таклиф сўрови” янги тартиб-таомили жорий этилади.
2026 йил 1 январдан: Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати бекор қилиниб, мазкур рўйхат бўйича давлат харидлари рақобатли усуллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат бериш ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат хариди ижрочисининг номи аниқ кўрсатилади;
давлат харидларида электрон дўконга оферталарни жойлаштириш муддати 15 кундан 60 кунгача узайтирилади ҳамда товарларни етказиб бериш муддати камида 5 кун этиб белгиланади;
Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида харид ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш муддатлари уларнинг қиймати ва мураккаблигидан келиб чиқиб қисқартирилади.
2026 йил 1 январдан: давлат буюртмачиларининг харид режалари эълон қилингандан кейин ушбу маълумотлар автоматик равишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга электрон хабарнома тарзида юборилади;
бюджет буюртмачилари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўтказиладиган маҳаллий аукцион савдоларини ўтказиш йўлга қўйилади.
бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционда 1 та тадбиркор иштирок этган тақдирда, аукцион ўтказилган деб ҳисобланади.
2026 йил 1 июлдан қуйидагилар жорий этилади:
давлат харидларига оид таклифларни давлат харидлари электрон тизими орқали фақат электрон шаклда баҳолаш;
давлат буюртмачилари томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилувчи шахсларга ишончномаларни давлат харидлари электрон тизими орқали электрон кўринишда расмийлаштириш.
Қуйидаги механизмларни назарда тутувчи “Давлат харидларида назорат” саҳифаси жорий этилади:
давлат харидлари соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар вужудга келиши мумкин бўлган хавфларнинг ягона таснифини шакллантириш;
хавф-хатарларни тоифаларга ажратиш, шунингдек, уларни автоматик аниқлаш ва хабардор қилиш;
давлат буюртмачиларини содир этган ҳуқуқбузарликларига кўра тоифаларга ажратиш;
давлат харидларида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олувчи “Харидларда KPI” рақамли рейтингини жорий қилиш.