Валюта курслари 21/11/2025
$1 – 11914.67
UZS – 0.03%
€1 – 13735.23
UZS – -0.36%
₽1 – 148.27
UZS – 0.53%
Қидириш
Бутунжаҳон озиқ-овқат куни: Соғлом таом — соғлом келажак

Бутунжаҳон озиқ-овқат куни: Соғлом таом — соғлом келажак

Бутунжаҳон озиқ-овқат куни: Соғлом таом — соғлом келажак

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Маълумки, 1979 йилда ФАО Конференцияси қарорига мувофиқ Бутунжаҳон озиқ-овқат куни (World Food Day) жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳар йили кенг нишонланиб келади. Ушбу кун озиқ-овқат хавфсизлиги, очлик ва тўйиб овқатланмаслик муаммоларига эътиборни қаратиш, соғлом овқатланишни рағбатлантириш, ҳамда барқарор озиқ-овқат тизимлари бўйича хабардорликни оширишни мақсад қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 13-мактабда “Бутунжаҳон озиқ-овқат куни: Соғлом таом — соғлом келажак” мавзусида йирик маърифий тадбир ташкил этди. Тадбир ФАОнинг “Мактаб овқатлантириш дастурини синовдан ўтказиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни яхшилашни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Тадбирнинг очилиш қисмида мутахассислар соғлом овқатланишнинг болалар ривожига, ўқув натижаларига ва келажак авлод саломатлигига бевосита таъсирини алоҳида таъкидладилар. Улар ёшларда соғлом ва экологик барқарор овқатланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот бериб ўтдилар. Тадбир иштирокчиларига ФАО томонидан тайёрланган видеороликлар намойиш этилди.

Тадбирнинг асосий қисми доирасида ўқувчилар ўртасида “Соғлом ва экологик барқарор овқатланиш бўйича энг яхши рецепт” танлови ўтказилди. Унда турли синфлардан тузилган жамоалар ўзларининг арзон, фойдали ва экологик тоза рецептларини тақдим этдилар. Ҳар бир жамоа таомнинг номи, шиори ва рамзий белгилар билан ижодий чиқиш қилиб, таомнинг фойдали жиҳатлари, тайёрланиш усули ва атроф-муҳитга таъсирини асослаб берди.

Шунингдек, ўқувчилар “Тўғри овқатланиб — сайёрамизни асра” мавзусидаги интерактив викторинада қатнашдилар. Саволлар мактабларга тақдим этилган “Соғлом овқатланишнинг 12 тамойили”, “Хавфсиз овқатланишнинг 5 калити” ва “Экологик дўстона одобнинг 5 қоидасı” қўлланмалари асосида тузилиб, ўқувчиларнинг билимини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тадбир якунида танлов ғолиблари эълон қилиниб, уларга ФАО томонидан эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг болалар учун кўнгилочар дастур, рақслар ва соғлом овқатланиш бўйича мини-викторина ўтказилди.

ФАОнинг лойиҳа координатори Орифжон Намозов шундай дейди:
“Болаларда тўғри овқатланиш одатларини эрта ёшдан шакллантириш — соғлом ва барқарор келажакнинг энг муҳим пойдеворидир. Мактабларда ўтказилаётган бундай ташаббуслар нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, балки болаларда экологик масъулият ва озиқ-овқатга онгли муносабатни ҳам кучайтиради.”

Бутунжаҳон озиқ-овқат куни доирасида ташкил этилган ушбу маҳаллий ташаббус глобал мақсадлар билан ҳамоҳанг бўлиб, Ўзбекистонда соғлом авлод тарбияси ва барқарор озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг