Валюта курслари 22/10/2025
$1 – 12011.02
UZS – -0.41%
€1 – 13958.01
UZS – -0.76%
₽1 – 148.08
UZS – -0.53%
Қидириш
Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми ёшлар бўлими Ўзбекистонда иш бошлади

Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми ёшлар бўлими Ўзбекистонда иш бошлади

Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми ёшлар бўлими Ўзбекистонда иш бошлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Италия пойтахти Рим шаҳридаги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми (World Food Forum — WFF) доирасида Ўзбекистоннинг ёшлар бўлими “WFF Uzbekistan National Youth Chapter” ташкил этилгани расман эълон қилинди. Шу муносабат билан иштирокчиларга янги бўлим фаолиятининг бошланишини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

WFF Uzbekistan National Youth Chapter — бу озиқ-овқат хавфсизлиги, барқарор қишлоқ хўжалиги ва иқлим ташаббуслари соҳасида ёшлар етакчилигини ривожлантиришга қаратилган янги платформадир. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ташкил этилган биринчи WFF Ёшлар бўлими ҳисобланади.

Ташаббус Шовкат Холдоров ва мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида фаол ишлаётган ёш етакчилар гуруҳи томонидан илгари сурилган бўлиб, у ФАО Ўзбекистон билан ҳамкорликда ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда бир қатор бошқа манфаатдор ташкилотлар кўмагида амалга оширилди.

Бўлимнинг асосий мақсади — ёшларнинг овозини кучайтириш, уларни барқарор озиқ-овқат тизимларини шакллантириш жараёнига жалб этиш, шунингдек, инновацион, экологик ва ижтимоий ечимлар орқали қишлоқ хўжалигини янги авлод учун жозибадор соҳага айлантиришдир.

“Келажак қишлоқ хўжалиги ёшлар билан бирга қурилади. World Food Forum платформаси ёш мутахассисларимизга ғояларни амалиётга татбиқ этиш имконини беради — янги технологиялар ва барқарор деҳқончиликдан тортиб, ҳудудларда ҳаётни яхшиловчи лойиҳаларгача. WFF Ўзбекистон Ёшлар бўлимини қўллаб-қувватлаш — бу янги авлод салоҳияти ва етакчилигига сармоя киритишдир,” — деди Шерзод Умаров, ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари.

Ёшлар фаолияти доирасида иқлим ўзгаришига қарши кураш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер деградациясининг олдини олиш ва унумдорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ёшларнинг халқаро даражадаги аграр тизимларда иштирокини кенгайтириш йўналишларида ташаббуслар илгари сурилади.
Шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми глобал мулоқотларидаги иштирокини кучайтириш ҳам устувор йўналишлардан бири бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг