Бошқанинг мулкини ноқонуний тасарруф этиш учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Бошқанинг мулкини ноқонуний тасарруф этиш учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бўйича манзилли “йўл хариталари” асосида ижтимоий профилактика тизими йўлга қўйилиб, жамоат жойларини рақамлаштириш қамрови оширилди.
Шу билан бирга, жойларда ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлган омиллар сақланиб қоляпти. Бу борада Қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиқиб, жиноятчилик ҳолатини ўрганиш, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш ва мавжуд муаммоларни таҳлил этиши натижасида қатор ташаббусларни ишлаб чиқди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан гаровга қўйилган мулкни ишониб топширилган шахс томонидан қонунга хилоф равишда тасарруф этиш оз миқдор ёки кўп бўлмаган миқдорда содир этилган тақдирда маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу орқали мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликдаги мавжуд бўшлиқ бартараф этилмоқда.
Лойиҳа билан телекоммуникация ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Ушбу норма жамоат тартиби ва фуқароларнинг осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун ҳам маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳасида шахс томонидан содир этилган ўз ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилувчи материалларни оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет тармоқларида тарқатиш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳуқуқбузарликларни оммалаштириш ва уларга тақлид қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар жамиятда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, янги турдаги ҳуқуқбузарликлар пайдо бўлишининг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.