BMB Holding ва Қозоғистонлик ҳамкорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
BMB Holding ва Қозоғистонлик ҳамкорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 январь куни Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида BMB HOLDING Бош директори Элёр Иброхимов ҳамда Қозоғистон Республикасининг бир қатор ташкилот раҳбарлари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар бўлиб ўтди.
Онлайн мулоқотда Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги ҳузуридаги Савдо қўмитаси раиси Ернур Жаутикбаев, “QazTrade” АЖ Бош директори Айтмухаммед Алдажаров, шунингдек, “UZKAZTRADE” ҚК директори Қосимбек Маликов иштирок этди.
Музокаралар давомида Қозоғистон Республикасига амалга оширилаётган экспорт кўламини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, юртимизда етиштирилган картошка, сабзи, карам, пиёз ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозоғистон бозорига етказиб бериш бўйича аниқ ва ўзаро манфаатли келишувларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Самарали ва ишчан руҳда ўтган видеоконференцалоқа якунида томонлар муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги келишувни имзолаш бўйича келишиб олдилар.