BMB HOLDING Costco билан Ўзбекистон маҳсулотларини АҚШ бозорига етказиб бериш бўйича келишувга эришди
BMB HOLDING Costco билан Ўзбекистон маҳсулотларини АҚШ бозорига етказиб бериш бўйича келишувга эришди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг етакчи “BMB HOLDING” кўп тармоқли холдинг компанияси таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги делегация АҚШга ташрифи доирасида “Costco Wholesale” йирик савдо тармоғининг савдо ва дистрибуция департаменти раҳбари Эд Мартин билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Costco Wholesale” АҚШнинг йирик гипермаркетлар тармоғи бўлиб, Канада, Мексика, Буюк Британия, Япония, Корея, Австралия ва дунёнинг бошқа мамлакатларида 1000 дан ортиқ филиалларига эга. 2025 йил ҳолатига кўра, умумий даромади 275.2 миллиард долларни ташкил этади. Бу ерда 341 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади.
Ушбу Америка конгломерати бошқарув кенгаши аъзоси Франческо де Наталенинг 2024 йилда Ўзбекистонга амалга оширган илк ишчи ташрифи чоғида “BMB HOLDING” компанияси билан бирламчи музокаралар ўтказган. Сўнгра холдинг томонидан ишлаб чиқарилаётган экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари “Costco Wholesale” тармоғида сотиш учун талаб этиладиган уч босқичли юқори сифат текшируви назоратидан муваффақиятли ўтган.
АҚШга ташриф доирасида “Costco Wholesale” ҳамда “BMB HOLDING” вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, яқин келажакда холдинг томонидан ишлаб чиқарилаётган чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот маҳсулотлари ҳамда заъфаронни мазкур йирик савдо тармоқларига етказиб бериш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар бўйича келишувга эришилди. Холдинг маҳсулотлари намуналари Америка компаниясига маркетинг ишларини олиб бориш учун топширилди.
“Costco Wholesale”нинг АҚШ ва бошқа давлатлардаги тармоқлари билан ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш борасидаги манзилли ишларни давом эттириш ва келгусида қўшимча музокаралар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юқори қўшимча қийматга эга, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларнинг илк бора “Costco Wholesale” тармоқларига олиб чиқилиши АҚШнинг юқори истеъмол бозорини экспорт ҳажмлари билан босқичма-босқич забт этишга кўмак беришда катта роль ўйнайди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш, замонавий логистика ва сифат назорати тизимларини яхшилаш орқали миллий экспортимиз салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.