Валюта курслари 19/06/2025
$1 – 12618.63
UZS – -0.39%
€1 – 14516.47
UZS – -0.85%
₽1 – 160.83
UZS – -0.2%
Қидириш
Ўзбекистон 19/06/2025 Беларус-Ўзбекистон: Аграр ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда

Беларус-Ўзбекистон: Аграр ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев бошчилигидаги делегация Беларус Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди. Ташрифнинг илк манзилларидан бири Беларус Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Игор Смилгин билан бўлиб ўтган учрашув бўлди. 

Мулоқот жараёнида икки давлат ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, ўзаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, гўшт ва сут маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар белгиланди. 

Шунингдек, Беларус тажрибасига таяниб, Ўзбекистонда голубика етиштиришни йўлга қўйиш, картошка уруғларини синовдан ўтказиш, зиғир уруғини етказиб бериш бўйича амалий қадамлар белгилаб олинди. Аграр таълим ва илмий-тадқиқот йўналишларидаги ҳамкорлик эса алоҳида эътибор марказида бўлди. 

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича тузилган Қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги — 6-йиғилиши бўйича Баённома икки давлат вакиллари томонидан имзоланди. Бу ҳужжат икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосига айланиши шубҳасиз. 

Сафар доирасида яна бир муҳим учрашув Волковйск шаҳрида жойлашган «Беллакт» АЖ компанияси бош директори Виталий Лупик билан бўлиб ўтди. Мазкур корхона – нафақат Беларусда, балки бутун МДҲ ҳудудида қуруқ болалар озиқ-овқати ишлаб чиқариш бўйича энг йирик ва етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. 

Делегация компания фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, уларни ички ва ташқи бозорга етказиш тизими билан яқиндан танишди. «Беллакт» – болалар овқати, сут маҳсулотлари, шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун мўлжалланган махсус озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда замонавий технологияларни қўллаган ҳолда фаолият юритаётган корхона.

Учрашув давомида ушбу йўналишда Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, импорт ва экспортни йўлга қўйиш, технологиялар алмашинуви бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг