Беларус Бош вазири TEXNOPARK фаолиятини текширди
Беларус Бош вазири TEXNOPARK фаолиятини текширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларус Республикаси Бош вазири Александр Турчин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида пойтахтимиздаги TEXNOPARK МЧЖ ишлаб чиқариш мажмуасига ташриф буюрди.
2019 йилда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган TEXNOPARK бугунги кунда 17 та юқори технологияли ишлаб чиқаришни бирлаштирган йирик саноат мажмуасига айланган.
Ташриф давомида Бош вазирга кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари намойиш этилди. Жумладан, газни электрон ҳисобга олиш асбоблари, лифт ва эскалаторлар, маиший техника (музлаткичлар, кир ювиш машиналари), саноат ускуналари (қозонлар, кондиционерлар, насослар), шунингдек қурилиш материаллари (сендвич панеллар, алюминий композит панеллар, базальт изоляция материаллари) ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништирилди.
Ҳозирда TEXNOPARKда 5 мингдан ортиқ ходим фаолият юритмоқда. 2025 йил якунларига кўра, корхонада ишлаб чиқарилган товар маҳсулотлари ҳажми 800 миллиард сўмни (тахминан 62 миллион АҚШ доллари) ташкил этди. Мажмуа маҳсулотлари Россия, Руминия, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Тожикистон, Монголия, Туркия, Қирғизистон ва Афғонистон бозорларига экспорт қилинмоқда.