Барқарор ўсиш ва яшил ривожланиш йўналишлари Жаҳон банки билан муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) йиллик йиғилишлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича барқарор ривожланиш директори Самеҳ Ваҳба, Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича инфратузилма директори Чарз Корме, Адолатли ўсиш, молия ва институтлар бўйича минтақавий директори Асад Алам, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг жорий макроиқтисодий ҳолати ва ўрта муддатли иқтисодий истиқболлари кўриб чиқилди. Мамлакатда изчил амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар ҳамда барқарор иқтисодий ўсишга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.
Томонлар, шунингдек, «АгриСоннест» ташаббуси доирасида ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Мазкур ташаббус қишлоқ хўжалиги қиймат занжирларини мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Давлат корхоналарини трансформация қилиш бозор самарадорлигини ошириш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш учун муҳим йўналиш сифатида таъкидланди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари ҳам учрашувда муҳим ўрин эгаллади. Томонлар «яшил» ўсишни жадаллаштириш, сув хавфсизлигини таъминлаш ва иқлимга чидамли инфратузилмани ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, минтақавий боғлиқликни кучайтириш, инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш ҳамда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, жумладан “Беттер Ворк Узбекистан” дастурини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда инклюзив, бардавом ва барқарор ўсишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.