Банклар портфелида муаммоли кредитларни бартараф этишга қаратилган қонун маъқулланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонунни қабул қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ислоҳотлар жараёнида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу Қонунда ижро ҳужжатлари асосида аукцион савдоларида сотилмаган мол-мулк ундирувчига натура шаклда ўтказилаётганда рўйхатдан ўтказувчи идора томонидан қўйилган барча тақиқлар давлат ижрочисининг қарори асосида бекор қилиниши белгиланмоқда. Бунда давлат ижрочисининг қарори мол-мулкни тақиқларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлиши мустаҳкамланмоқда.
Қонунни ишлаб чиқишда бир қатор илғор давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилгани ҳамда инобатга олингани таъкидланди.
Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, мол-мулкка нисбатан қўйилган таъминловчи чоралар давлат ижрочисининг қарорлари асосида бекор қилинишига, кредит ташкилотларининг муаммоли активлар улушини камайтиришга ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.