Банк сектори акциядорлар сони ва капиталлашуви бўйича капитал бозорида етакчи бўлиб қолмоқда
Банк сектори акциядорлар сони ва капиталлашуви бўйича капитал бозорида етакчи бўлиб қолмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил якунлари таҳлили шуни кўрсатадики, банк сектори нафақат капиталлашув ҳажми, балки акциядорлар қамрови бўйича ҳам капитал бозорининг энг оммабоп сегменти бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда 38 та банк томонидан чиқарилган акцияларнинг умумий ҳажми 95,9 трлн сўмдан ошди.
Акциядорлар сонининг кўплиги — бу аҳоли ва бизнес вакилларининг ушбу молия муассасасига бўлган ишончи белгисидир. Жами 234 531 нафар акциядорнинг қарийб 75 фоизи (174 089 нафари) жисмоний шахслар эканлиги аҳолининг қимматли қоғозлар бозорига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Агробанк — умумий акциядорлар сони бўйича рейтингнинг мутлоқ етакчиси. Банк 92 789 нафар акциядор билан бозорда яққол устунликка эга.
Саноатқурилишбанк (40 145) ва Микрокредитбанк (34 603) акциядорлар базасининг кўлами бўйича кучли учликни мустаҳкам эгаллаб турибди.
Ипотека-банк (22 003) ва Туронбанк (10 715) ҳам йирик акциядорлар таркибига эга банклар сифатида рўйхатда юқори ўринларни банд этган.
Акциядорлар реэстрининг Марказий депозитарийда юритилиши ҳар бир инвестор ҳуқуқларининг ҳимояси ва маълумотлар шаффофлигининг кафолатидир. Ушбу рақамлар мамлакатимиз банк тизимининг халқчил ва очиқ бўлиб бораётганини яққол акс эттиради.