Валюта курслари 11/02/2026
$1 – 12309.99
UZS – -0.08%
€1 – 14666.12
UZS – 0.35%
₽1 – 159.64
UZS – 0.18%
Қидириш
Атоқли давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камалов вафоти муносабати билан ҳамдардлик

Атоқли давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камалов вафоти муносабати билан ҳамдардлик

Атоқли давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камалов вафоти муносабати билан ҳамдардлик

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли меҳнат фахрийси Каллибек Камалов шу йил 11 февраль куни 100 ёшида вафот этди.

Каллибек Камалов 1926 йил 18 мартда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, 1955 йилда Нукус давлат университетини тамомлади. Меҳнат фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар қўмитаси котиби лавозимидан бошлаб, кейинчалик Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлади.

Катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган К.Камалов Қорақалпоғистон Республикаси коммунал хўжалиги вазири, йўл транспорти ва автомобиль йўллари вазири, Қорақалпоғистон партия қўмитаси котиби лавозимларида самарали фаолият кўрсатди.

Бутун ҳаёти ва фаолиятини ўзи туғилиб вояга етган юрт равнақига бағишлаган моҳир раҳбар 1959–1963 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, 1963–1984 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси партия қўмитасининг биринчи котиби, Республика етакчиси каби масъул вазифаларда жонбозлик кўрсатиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турли соҳа ва тармоқларда ишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш борасида фидокорона меҳнат қилди.

Каллибек Камалов 1984–1986 йилларда истеъдодли дипломат сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатди.

У кўп йиллик серқирра меҳнат фаолияти давомида бой билим ва тажрибаси, раҳбарлик салоҳияти, юксак инсоний фазилатлари, Ватанимизга беқиёс меҳри ва садоқати билан эл-юрт қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди. Унинг бевосита раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама тараққий эттириш, мавжуд мураккаб иқлим шароитида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги тармоқларини, шунингдек, саноат ва ишлаб чиқаришни равнақ топтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Каллибек Камалов сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишларда фаол иштирок этиб келди.

Каллибек Камаловнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. У “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган эди.

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Каллибек Камаловнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, А.Арипов, А.Оринбаев, С.Турдиев

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг