АҚШ яна 25 давлат фуқаролари учун $15 минггача визавий гаров жорий этди
АҚШ яна 25 давлат фуқаролари учун $15 минггача визавий гаров жорий этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ Давлат департаменти яна 25 давлат фуқаролари учун кириш визаларини расмийлаштиришда пулли гаров тўлаш талабини жорий этди. Бу ҳақда АҚШ ташқи сиёсат идорасининг расмий сайтида хабар берилди.
Янги қоидаларга кўра, рўйхатга киритилган давлатлар фуқаролари виза олиш учун ҳужжат топшириш чоғида 5 минг АҚШ долларидан 15 минг АҚШ долларигача миқдорда гаров пули киритишлари шарт бўлади. Аниқ сумма АҚШ элчихонаси ёки консуллигида ўтказиладиган визавий суҳбат давомида ҳар бир ариза берувчи бўйича алоҳида белгиланади.
21 январдан бошлаб мазкур талаб Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилади. Туркманистон учун эса бундай чора 1 январдан кучга кирган. Шу тариқа, ушбу механизм амал қиладиган давлатлар сони 38 тага етди. Рўйхатга асосан Африка, Жанубий Осиё ва Океания давлатлари, шунингдек Антигуа ва Барбуда, Доминика, Куба ҳамда Венесуэла киритилган.
Давлат департаментида тушунтирилишича, гаров жорий этилиши ушбу мамлакатлар фуқаролари томонидан B-1 ва B-2 тоифасидаги туристик ва ишбилармонлик визалари бўйича АҚШда қолиш муддатларининг тез-тез бузилиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, гаров пули тўланиши виза берилишини кафолатламаслиги алоҳида таъкидланган.
Гаров пули фақатгина АҚШ Молия вазирлигининг расмий Pay.gov тўлов тизими орқали, консул ходими тақдим этган ҳавола бўйича амалга оширилиши мумкин. Гаров тўлаб виза олган шахслар АҚШга фақат учта аэропорт орқали киришлари ва чиқишлари шарт: Бостондаги Логан аэропорти, Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги аэропорт ёки Вашингтондаги Даллес номидаги аэропорт.
Ариза берувчи визанинг амал қилиш муддати тугашидан олдин АҚШдан чиқиб кетган тақдирда, гаров пули автоматик тарзда қайтарилади. Шунингдек, аэропортда чегара назоратидан ўтиш чоғида мамлакатга кириш рад этилса ҳам, гаров маблағи қайтарилиши назарда тутилган.
Гаров механизми 2025 йил август ойида синов тартибида жорий этилган бўлиб, дастлаб Малави ва Замбия фуқароларига нисбатан қўлланилган. Давлат департаменти маълум қилишича, бу чора миграция қоидалари бузилиши юқори бўлган ва хавфсизлик чоралари етарли даражада таъминланмаган давлатларга нисбатан татбиқ этилади.
Аввалроқ, 2025 йил июнь ойида АҚШ президенти Доналд Трамп «юқори хавф даражасига эга» деб топилган 19 давлат фуқаролари учун мамлакатга кириш бўйича чекловлар жорий этган эди. Улардан 12 таси учун тўлиқ тақиқ, еттитаси учун эса қисман чеклов белгиланган. Декабрь ойида Оқ уй маъмурияти ушбу рўйхатни 39 давлатгача кенгайтирди, уларнинг 19 таси тўлиқ тақиқ остига тушди. Шу билан бирга, АҚШ Туркманистон фуқаролари учун меҳмон ва талабалик визаларини беришни қайта тиклади.