Андижон вилоятида аёлларни иш билан таъминлаш учун ажратилган субсидияларни ноқонуний сарфлаш ҳолати аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан 2023 йил 22 июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг 307-сон қарори асосида Андижон вилоятида субсидияларни мақсадли ва самарали ишлатиш ҳолати бўйича текширув ўтказилди.
Текширув жараёнида Жалақудуқ туманининг Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими мансабдор шахслари томонидан “С.Т.Х” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Х. билан олдиндан тил бириктириб, қонунчиликка зид равишда ҳаракат қилингани аниқланди.
Жумладан, 2023 йилда тузилган ижтимоий шартномага асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 25 нафар ишсиз аёлнинг мазкур МЧЖда касаначи сифатида бандлиги таъминлангани ва уларга 247,5 миллион сўмлик тикув асбоб-ускуналари берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Текширув материаллари асосида Андижон вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.