Андижон вилояти ҳокими Хитойнинг Shansan E-Commerce компанияси билан қишлоқ хўжалиги ва пиллачиликдаги лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хитойнинг «Shansan E-Commerce Co. Ltd» компанияси вакилларини қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хусусан, компания томонидан вилоятнинг адирлик ва чўл ҳудудларидан самарали фойдаланиш орқали хитой услубида дуб кўчатлари экиш ва улар асосида ипак қурти боқиш тизимини йўлга қўйиш лойиҳаси тақдим этилди.
Музокаралар давомида мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши вилоятда қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ҳамда ҳудуддаги экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида замонавий технологиялар ва халқаро тажрибани жорий этиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Вилоят раҳбари инвесторларнинг таклифини қўллаб-қувватлаб, мазкур ташаббус Андижон иқтисодиётини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.