Anadolu Group Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда
Anadolu Group Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат активларини бошқариш агентлиги директори “Anadolu Group” холдинги таркибига кирувчи йирик компаниялар — Anadolu Isuzu, Anadolu Efes ҳамда Coca-Cola İçecek Uzbekistan вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган жорий инвестиция лойиҳаларининг ҳолати, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда янги истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, давлат томонидан кўрсатилаётган институционал ва амалий кўмак, шунингдек, инвестиция муҳитини янада яхшилашга қаратилган ташаббуслар юзасидан фикр алмашди. Шу билан бирга, йирик хорижий инвесторларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маъмурий жараёнларни соддалаштириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди.
“Anadolu Group” вакиллари сўнгги қарийб 5 йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодиётига 600 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритилганини таъкидлаб, ушбу маблағлар саноатни модернизация қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилганлигини мамнуният билан қайд этиб ўтти.
Учрашув давомида холдинг томонидан келгусида ҳам Ўзбекистондаги фаолиятни янада кенгайтириш, инвестиция ҳажмини ошириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсад қилингани билдирилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан мамлакатда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини тизимли қўллаб-қувватлаш, давлат активларини очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида хусусийлаштириш орқали иқтисодиётда хусусий сектор улушини изчил кенгайтириш, шунингдек, стратегик инвесторлар билан узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур учрашув Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, халқаро бизнес ҳамжамияти билан очиқ ва самарали мулоқотни изчил давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.