Валюта курслари 24/11/2025
$1 – 11971.40
UZS – 0.48%
€1 – 13797.04
UZS – 0.45%
₽1 – 151.81
UZS – 2.39%
Қидириш
Америка журнали Ўзбекистон тоғларида Ипак йўлининг йўқолган шаҳри топилганини маълум қилди

Америка журнали Ўзбекистон тоғларида Ипак йўлининг йўқолган шаҳри топилганини маълум қилди

Америка журнали Ўзбекистон тоғларида Ипак йўлининг йўқолган шаҳри топилганини маълум қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ва америкалик ҳамкорлар томонидан Туғонбулоқда олиб борилаётган археологик изланишлар тўғрисида АҚШ Смитҳсониан Магазине журнали катта мақола нашр этилди.

Мақолада қайд этилишича, Туғонбулоқ археологик ёдгорлиги VI–XI асрларда мавжуд бўлган шаҳар бўлиб, тадқиқотчилар уни тарихий манбаларда тилга олинган, аммо топилмаган Марсманда шаҳри деб тахмин қилинмоқда. Ўзбекистоннинг баланд тоғларида олиб борилган қазишмалар Ипак йўли тарихини қайта кўриб чиқишга сабаб бўлиши мумкин.

Археологлар денгиз сатҳидан 7 минг фут (2000 метр) баландликдаги ҳудудда мустаҳкам деворлар билан ўралган, 300 акрлик (120 га) темир ишлаб чиқарувчи йирик марказ изларини топдилар. Бу жой ҳозир фақат чорвадорлар келиб-кетадиган яйлов бўлсада, минг йил аввал бу ерда темир эритиш, қурол-аслаҳа ва асбоблар ишлаб чиқарувчи ривожланган шаҳар бўлган.

Топилмалар орасида темирга бой жинслар, металл устахоналари, уй-жой қолдиқлари, сопол идишлар, шиша мунчоқлар, кумуш тақинчоқлар, тўқув анжомлари учраган. Шунингдек, ундан 5 км узоқликдаги Тошбулоқ ёдгорлигидан 650 дан ортиқ қабрдан иборат йирик ўрта аср қабристони ҳам аниқланган. Дафн маросимлари мусулмон анъаналари асосида амалга оширилган бўлиб, бу исломнинг тоғли ҳудудларга эрта кириб келганидан далолат беради.

Олимлар фикрича, Туғонбулоқ шаҳри VIII–ХI асрларда гуллаб-яшнаган, ёзда чорвадорлар бу ерга савдо-сотиқ учун келган, шаҳар эса пасттекисликдаги Самарқанд ёки бошқа бозор марказлари билан боғланган. Темир ишлаб чиқариш эса шаҳар иқтисодиётининг асоси бўлган.

Қазишмалар Ипак йўли фақат катта шаҳарлар орқали эмас, балки баланд тоғли ҳудудлар орқали ҳам фаол ўтганини кўрсатмоқда. Бу эса кўчманчи чорвадорларнинг Ипак йўлидаги роли аввал ўйланганидан анча катта бўлганини тасдиқлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг