Air China авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам рейсларни амалга ошириш учун рухсат олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Халқ Республикасининг Air China авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозлар амалга ошириш учун расмий рухсатнома олди.
«Ўзавиация» агентлиги хабар беришича, эксплуатацион рухсатнома 1994 йил 19 апрелда Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида имзоланган Ҳаво қатнови тўғрисидаги Ҳукуматлараро келишув асосида берилган.
Берилган рухсатга кўра, Air China авиакомпанияси Пекин – Тошкент – Пекин ва Ӯрумчи – Тошкент – Ӯрумчи йўналишлари бўйича мунтазам парвозларни амалга оширади. Парвозлар Boeing 737-800/8 (MAX) ва Airbus A330-300/200 турдаги самолётларда амалга оширилиши режалаштирилган.
Кутилмоқдаки, ушбу рейсларнинг йўлга қўйилиши икки давлат ўртасидаги ҳаво алоқаларини мустаҳкамлайди ва бизнес, туризм ҳамда маданий алоқалар ривожига ҳисса қўшади.