Афғонистонда Ўзбекистон Товар-хомашё биржасининг хорижий савдо майдончаси ишга туширилди
Афғонистонда Ўзбекистон Товар-хомашё биржасининг хорижий савдо майдончаси ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 17–23 ноябрь кунлари Қобулда бўлиб ўтган «Имом Абу Ҳанифа» миллий ва халқаро кўргазма-ярмаркасида Республика Товар-хомашё биржасининг хорижий савдо майдончаси ишга туширилганини маълум қилди.
Лойиҳа Афғонистоннинг Ghazanfar Bank иштирокида амалга оширилди.
Палата маълумотига кўра, янги тизим ўзбек экспортчилари биржа савдоларида сотган товарлар учун тўловларни тўғридан-тўғри Ghazanfar Bank’даги махсус ҳисобварақларга йўналтириш имконини беради.
Товарлар Афғонистон чегарасидан муваффақиятли ўтганидан сўнг экспортчилар маблағлардан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу янги механизм хавфсиз ва кафолатланган тўловларни, тезкор ва шаффоф бизнес-жараёнларни, ишончли ҳамкорлик муҳитини таъминлайди.
Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт ҳажмини оширишга, шунингдек Ўзбекистон–Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмасининг ўсишига хизмат қилади.