Афғонистон ўзбекистонлик компанияларга углеводородларни қидириш ва қазиб олиш учун лицензия берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистон ҳукумати ўзбекистонлик компанияларга ўз ҳудудида геологик қидирув ишлари ва углеводородларни қазиб чиқаришни амалга ошириш учун лицензиялар берди. Бу ҳақда энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, 14 сентябрь куни Тути-Майдон газ конни ўзлаштириш ишларига старт берилган. Тантанали маросимда «Ўзбекнефтгаз» раҳбари ва энергетика вазирининг биринчи ўринбосари иштирок этган. Лойиҳа 25 йил муддатга мўлжалланган бўлиб, уни амалга ошириш бўйича шартнома ўзбекистонлик Eriell KAM компанияси томонидан имзоланган.
«Бу биринчи босқич бўлади, албатта, бу натижасига қараб, яна-да буни кенгайтириш, янги майдонларда биргаликда ишлаш режалаштирилган. Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодиёти учун самара келтирадиган лойиҳа сифатида амалга ошириш кўзда тутилган», — деди Мирзамахмудов.
Унинг қайд этишича, келажакда Афғонистонда тинчлик бўлиши, у ерда иқтисодиёт инфратузилма ривожланиши ортидан Ўзбекистонга ушбу ҳудудидан дунё океанига энг яқин чиқиш маршрути очилади.
«Агар у ерда тинчлик бўлса, иқтисодиёт ва инфратузилма ривожланади. Афғонистон ҳудуди биз учун океанга чиқишнинг энг қисқа йўли бўлади. Бу эса мамлакатимиз иқтисодий ва логистик салоҳиятини янада фаолроқ ишлатиш имконини беради», — деди у.
Вазир таъкидлаганидек, Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги қўшни давлатлар учун ҳам муҳим.
«Менимча, бу узоқ муддатли ҳам сиёсий, ҳам стратегик вазифа. Ва президентимиз ҳақиқатан ҳам буни кўришга, ҳис қилишга қодир. Ҳар доим айтганидек, буни босқичма-босқич, қатъий ва изчил амалга ошириш бугун ҳам, эртага ҳам, узоқ муддатли истиқболда ҳам ўз натижасини беради,» — деди Мирзамаҳмудов.
Шунингдек, у афғон халқи Ўзбекистонга нисбатан самимий муносабатда эканини таъкидлади.
«Афғон халқининг Ўзбекистонга ва ўзбек халқига бўлган муносабати одамларнинг кўзларидан кўриниб турибди. Ва ҳар бир музокара жараёнида улар президентимизнинг Афғонистон халқига кўрсатаётган меҳрини ҳақиқатан ҳам ҳис қилаётганликларини билдиришмоқда,» — деди Мирзамаҳмудов.
У Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар Охунд билан бўлган сўнгги учрашувдан иқтибос келтирди.
«Мен президент [Шавкат Мирзиёев] билан Озарбайжонда кўриша олдим. Ўша учрашувда президент кўзларида, сўзларида ва ҳозирги кундаги амалда Афғонистон ва афғон халқига бўлган меҳрни кўряпман», — деган Бародар.