85 ёшида маданият арбоби Мираббос Мирзааҳмедов вафот этди
85 ёшида маданият арбоби Мираббос Мирзааҳмедов вафот этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 85 ёшида Ўзбекистоннинг хизмат кўрсатган маданият арбоби, таниқли бошловчи ва режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов вафот этди.
Унинг вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмий шахслар таъзия билдирдилар, деб хабар қилди Президент матбуот хизмати. «Санъатнинг етук устаси, самимий ва камтарин инсон, ёшлар учун меҳрибон устоз бўлган Мираббос Мирзааҳмедовнинг хотираси бизнинг қалбимизда ҳамиша муҳрланиб қолади», дейилади таъзия матнида.
Мираббос Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)да кино ва театр санъати актёри мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган истеъдодли санъаткор 60 йилдан зиёд вақт мобайнида “Ёшлар” таҳририяти режиссёри, бош режиссёри, “Ўзбекистон” телеканалининг олий тоифали режиссёри, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси каби лавозимларда самарали хизмат қилди.
Унинг бевосита раҳбарлигида долзарб мавзу ва жанрларда тайёрланган эшиттириш ва кўрсатувлар, бадиий видеофильмлар миллий руҳи, теран мазмуни, халқчиллиги билан миллионлаб мухлислар қалбидан ўрин олди. Айниқса, устоз режиссёр томонидан тасвирга олинган “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби асарлар ўз даврининг ёрқин телефильмлари сифатида маданиятимиз хазинасидан муносиб жой эгаллади.
«Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» орқали у жамиятнинг муҳим ижтимоий-маънавий масалаларига эътибор қаратган, айниқса ёш авлод орасида оила ва Ватанга муҳаббат, ҳурмат, одоб-ахлоқ ва меҳр-шафқат туйғуларини тарғиб қилган.