Валюта курслари 01/07/2025
$1 – 12694.97
UZS – 0.32%
€1 – 14878.50
UZS – 0.41%
₽1 – 161.60
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 01/07/2025 2025 йилда 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Ҳаж зиёратини адо этди

2025 йилда 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Ҳаж зиёратини адо этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилдаги "Ҳаж-2025" мавсуми давомида Ўзбекистондан 15 мингдан зиёд ҳожиларнинг Ҳаж амалларини тартибли ва намунали адо этишлари таъминланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур ташкилий ишлар Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ва ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ва Жиддадаги Бош консулхонаси кўмагида амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати томонидан "Ҳаж-2025" мавсумини тайёрлаш ва ташкил этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар Саудия Арабистони ҳукумати томонидан юқори баҳоланди.

Жорий йилдаги Ҳаж мавсумига ўзбекистонлик ҳожиларнинг Саудия Арабистонига келишлари 13 майдан бошланиб, 30 майга қадар давом этди. Шунингдек, Ҳаж ибодатлари тугаганидан сўнг юртимиз ҳожиларининг Ўзбекистонга қайтиб кетиши 12 июндан бошланди. Сўнгги ҳожиларимиз 29 июнь куни ҳаво қатновлари орқали Ватанга қайтишди. 

Ўзбекистон ҳожиларига енгиллик яратиш мақсадида Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги Подшоҳ Абдулазиз халқаро аэропортидан мамлакатимизнинг бир қатор вилоятларига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди.

Ўзбекистонлик ҳожиларнинг соғлиқлари ва сиҳат-саломатликларига алоҳида эътибор қаратиш масаласида Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилишига қарамай, бу йилги Ҳаж ибодати пайтида кузатилган жазирама натижасида ва сурункали касаллиги бўлган тўрт нафар ватандошимиз Саудия Арабистонида вафот этди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг огоҳлантиришларига қарамай бу йилги Ҳаж мавсумига ноқонуний йўллар билан борган яна тўрт нафар ватандошимиз ушбу мамлакатда оламдан ўтди.

Бундан ташқари, Ҳаж ибодати тугаганидан сўнг Бош консулхонага 40 нафардан зиёд зиёратчилар хорижга чиқиш паспортларини йўқотгани боис Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш учун мурожаат қилган.

Таъкидлаш керакки, мазкур "Ҳаж-2025" мавсумида юртимизнинг Жиддадаги Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқароларига барча зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдамни тезкорлик билан кўрсатиб келмоқда.

Мухтасар айтганда, "Инсон қадри ҳамма нарсадан устун" тамойили Ўзбекистон сиёсатининг энг устувор жиҳатларидан бири экани ва бу ғоя ҳаётимизга тадбиқ этилаётганига "Ҳаж-2025" мавсуми давомида яна бир бор ўз исботини топди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг