2025 йил бошидан бери 2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ишчи Жанубий Кореяга юборилди
2025 йил бошидан бери 2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ишчи Жанубий Кореяга юборилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги SPAS тизими орқали вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатнинг 45 нафар фуқароси Корея Республикасига жўнаб кетгани ҳақида маълум қилди.
Уларнинг барчаси SPAS тизимида иш изловчиларнинг электрон базасида рўйхатдан ўтган ҳамда кореялик иш берувчилар томонидан тўғридан-тўғри танлаб олинган.
Қайд этилишича, 2025 йил давомида Корея Республикаси E-9 ишчи визаси бўйича номзодларни танлаб олишнинг бешта босқичини ўтказган.
2025 йил 1 январдан 2026 йил 19 январга қадар бўлган даврда Ўзбекистоннинг 2 143 нафар фуқароси Жанубий Кореяга вақтинчалик ишлаш учун йўл олган.
Корея билан 2025 йилда имзоланган меҳнат шартномалари асосида танлаб олинган янги номзодларни жўнатиш жараёни давом этмоқда.
Агентлик номзодларни танлаш фақатгина Корея Республикаси иш берувчилари томонидан амалга оширилишини таъкидлади. Ҳақ эвазига ёрдам таклиф қилаётган ҳар қандай учинчи шахслар фирибгар ҳисобланади.
Бундай ҳолатларда фуқаролардан Telegram’даги @anticor_migrationbot орқали, anticorruption@migration.uz электрон почтаси ёки иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача 71-202-44-11 телефон рақами орқали Агентликка зудлик билан мурожаат қилиш сўралади.